Ал-Мирас (араб тилидан “мерос” деб таржима қилинади) васиятномаси нафақат мерос қолдирувчи шахснинг дафн маросими, диний бурч ва мажбуриятлари, қарзлари ва бошқа шу каби ишлар бўйича фармойишларини, балки меросхўрлардан бўлмаган томонлар учун мол-мулкининг учдан бир қисмини ихтиёрий равишда ажратиш масаласини ҳам ўз ичига олади. Албатта ушбу васиятнома асосан қолган мол-мулкни меросхўрлар ўртасида шариат қонунларига мувофиқ тарзда тақсимлашга қаратилган.
Нима учун АлМирас васиятномасини расмийлаштириш керак?
Албатта бу биринчи навбатда зиммангиздаги диний мажбуриятларингизни бажариш учун
Аллоҳ таоло одамларни ёши ва қувватидан қатъий назар, ўзига маълум бўлган пайтда ўлдиради. Инсон эса бу фоний дунёни қуруқ қўл билан тарк этади. Шу билан бирга одатда ундан кейин унинг бу ҳаётда тўплаган мулки, шунингдек, эҳтимол, қарзлар қолади.
Қуръони Карим бизга бу фоний ҳаётни тарк этишдан олдин мол-мулкимизни тақсимлашимизни буюради. Агар биз буни қилмасак, барча мулкимиз давлат қонунларига мувофиқ тақсимланади (қонун бўйича мерос), диний қонун-қоидалар ва мажбуриятлар эътиборга олинмайди. Шу билан бирга, ислом ҳуқуқи доирасида тузилган васиятнома юридик кучга эга бўлиши ва юзага келиши мумкин бўлган мулкий низоларнинг олдини олиш учун мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига ҳам мос келиши керак.
Ўзингизнинг манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун
Сиз тузган васиятнома, сиздан кейин қолаётган мол-мулк ислом дини талабларига мувофиқ тақсимланишини таъминлайди.
Оилангиз манфаатларини ҳимоя қилиш учун
Сиз тузган васиятнома оилангизга ўз улушларини ҳеч қандай қийинчиликсиз ва бошқа муаммоларсиз Қуръони Каримда кўрсатилгандек олишини таъминлайди.
Фарзандларингиз манфаатларини ҳимоя қилиш учун
Сиз тузган васиятнома 18 ёшгача бўлган болаларингиз учун васий (лар) тайинлашга имкон беради, акс ҳолда васий сизнинг фикрингизни инобатга олмаган ҳолда, давлат қонунчилигига мувофиқ тарзда белгиланади.
Танангизни ҳимоя қилиш учун
Сизнинг васиятномангиз дафн бўйича сизнинг истакларингизни ҳам ўз ичига олади. Масалан, танангиз ёндириб-куйдирилмаслиги, мўмиёлаштирилмаслиги ёки унинг устида турли тиббий амалиётлар ўтказилмаслиги ва мусулмонлар анъаналарига кўра дафн этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Мажбуриятларингизни бажариш учун
Сизнинг васиятномангизга мол-мулкингиз ва диний мажбуриятларингизни бажаришга оид кўрсатмалар ҳам киритилиши мумкин, масалан: тўланмаган маҳр, закот ва фидяни тўлашга оид.
Келажагингизни ҳимоя қилиш учун
Сизнинг васиятномангиз, ҳатто ўлимингиздан кейин ҳам (Аллоҳнинг раҳмати ила) хайр-эҳсон қилиб савоб олиш имкониятини беради.
Биз мусулмонлар учун мерос ва васият борасида Қуръони Карим оятларида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган талабларни бажариш ва шариат қонунларига мувофиқ бўлган васиятнома тузиш ниҳоятда муҳим вазифадир.
Бироқ, ислом ҳуқуқи тамойиллари асосида тузилган васиятнома тегишли юридик кучга эга бўлиши ва юзага келиши мумкин бўлган мулкий низоларнинг олдини олиш учун мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига ҳам зид бўлмаслигини таъминлаш керак.
Хўш, унда қандай қилиб васиятнома тузиш керак?
– шариат бўйича мерос қонун-қоидалар билан танишиш;
– ҳисоблаш дастури-калкулятор ёрдамида меросхўрларнинг улушларини ҳисоблаш;
– васиятнома шаклини тўлдириш;
– васиятномани нотариус орқали тасдиқлаш.